add

Метан тортилди — чиқинди кўпайди: ташувчи машиналар ишида узилиш кузатилмоқда

Bugun 13:303 daqiqa

Таҳририятимизга турли ҳудудлардан чиқинди олиб кетиш хизматидаги узоқ муддатли узилишлар ҳақида мурожаатлар келиши сезиларли кўпайди. Чиқиндиларни бошқариш агентлиги матбуот хизмати раҳбари юзага келган вазият бўйича Vaqt.uzʼга изоҳ берди.

Метан тортилди — чиқинди кўпайди: ташувчи машиналар ишида узилиш кузатилмоқда

Таҳририятимизга республиканинг турли ҳудудларидан чиқинди олиб кетиш хизматидаги узоқ муддатли узилишлар ҳақида мурожаатлар келиши сўнгги ҳафталарда сезиларли кўпайди. Ватандошлар чиқинди ойлар давомида олиб чиқилмаётгани, бу эса жойларда санитария ҳолатининг ёмонлашувига олиб келаётганини билдирмоқда.

 

Чиқиндилар ташиб олиб кетилмаяпти

Самарқанд вилояти Жомбой туманидан келган жамоавий мурожаатда маҳаллалардан бирида қарийб бир ойдан буён маиший чиқиндилар олиб чиқилмаётгани айтилади. Мурожаатчиларга кўра, чиқиндилар йиғилиб кетгани сабабли атрофга бадбўй ҳид тарқалмоқда, қаровсиз қолган чиқинди уюмларини итлар ва бошқа ҳайвонлар титиб, сочиб юбораётгани ҳолатни янада оғирлаштирмоқда. Оқибатда, экологияга катта талафот етказилмоқда. Жумладан, Наманганда Норин дарёси бўйлари ҳам чиқиндига тўлиб кетгани ҳақидаги хабарлар таҳририятимизга келиб тушган.

Мурожаатда қўшимча қилинишича, хизмат кўрсатувчилар буни автомобилларга метан тўлдира олмаётгани ёки узундан-узун навбатлар сабаб ишга улгуришмаётгани билан изоҳлашган.

Пайдо бўлган бу вазиятда энг қизиқ жиҳат — гарчи чиқинди белгиланган вақтда олиб кетилмаётган бўлса ҳам, аҳолига тўлов келишда давом этмоқда.

«Биринчидан, нега барқарор хизмат сифати йўқ? Иккинчидан, кўрсатилмаган хизмат учун нега пул тўлашимиз керак? Чиқиндидан қарздорларнинг қарзини электрни узиб бўлса ҳам ундирадиган тизим, хизмат кўрсатилмаган пайтда ундирилаётган пул масаласига келганда жим. Бу қандай адолат?» — дейди ҳолат ҳақида мурожаат эгалари.

Шу каби мурожаатлар Наманган, Қашқадарё, Андижон ва Тошкент вилоятининг айрим туманларидан ҳам келиб тушган. Айрим ҳудудларда чиқинди олиб кетиш хизматлари жадвали бузилгани, тўловлар мунтазам амалга оширилаётган бўлса-да, хизмат сифати талаб даражасида эмаслиги таъкидланмоқда.

 

Агентлик изоҳи

Vaqt.uz мухбири шу каби мурожаатлар кўпайгани юзасидан Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги Ахборот хизмати Раҳбари Дилноза Комилова билан боғланди. Комилова саволларимизга жавоб берар экан, айни вақтда ҳудудларда газ таъминоти билан боғлиқ муаммолар кузатилаётгани ва бу агентликка боғлиқ муаммо эмаслиги, шуларни инобатга олган ҳолда, аҳолидан вазиятга «тушуниш билан ёндашишни» сўради.

«Республика бўйича 82 та санитария тозалаш корхоналарига тегишли 3 000 дан зиёд махсус чиқинди ташиш техникалари учун 200 дан ортиқ газ қуйиш шохобчаларида «яшил йўлак»лар ажратилган. Махсус техникаларга газ тўлдириш ишлари белгиланган режа-жадвал асосида амалга оширилмоқда. Ҳудудларда газ таъминоти билан боғлиқ муаммоларни инобатга олган ҳолда, аҳолидан ушбу ҳолатларга тушуниш билан ёндашишни сўраймиз. Мазкур чоралар чиқиндиларни ўз вақтида олиб чиқишни таъминлашга қаратилган», – деди у.

 

Тўловлар масаласи

Агентлик вакили шунингдек, таҳририят мухбирининг кўрсатилмаган хизмат учун ундирилган пуллар аҳоли билан қайта ҳисоб-китоб қилинадими, деган саволига ҳам жавоб берди.

«Ҳа, хизмат кўрсатилмаган ҳолда ечилган пуллар қайтарилади. Кимда соҳага оид ва хизмат сифати бўйича мурожаатлар бўлса, Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлигининг «1205» ишонч рақамига мурожаат қилиши мумкин. Рақамларимиз 7/24 режимида ишламоқда ва муаммолар ҳал этиб берилади», — деди Дилноза Комилова.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ метан шохобчалари ёпиқлиги ёки етарли газ берилмаётгани оқибатида, водий вилоятларида автобуслар ҳам йўналишга чиқмаётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.

 

Teglar

Ilyos Safarov

Ilyos SafarovMaqolalar soni: 35

Barchasi

Mavzuga oid