
Мирзиёев Покистоннинг йирик компания раҳбарлари билан учрашди
Исломободдаги бизнес форуми доирасида инвестиция, саноат ва агросаноат соҳаларида қўшма лойиҳалар муҳокама қилинди.

Президент Шавкат Мирзиёев Исломобод шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон–Покистон бизнес форуми доирасида Покистоннинг тўртта йирик компанияси раҳбарлари билан алоҳида учрашув ўтказди. Учрашувларда икки давлат ўртасида иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва ишлаб чиқариш кооперациясини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Президент HRL Group компанияси раиси Зоҳид Рафиқ, Go Group компанияси бош ижрочи директори Дур Муҳаммад Аюб, Gohar Textile компанияси асосчиси Гоуҳар Мустафо ҳамда Engro Group компанияси раиси Аҳсан Зафар Саид билан музокаралар олиб борди.
Учрашувларда ҳар бир компаниянинг фаолият йўналишлари ва Ўзбекистонда амалга оширилиши мумкин бўлган лойиҳалар алоҳида кўриб чиқилди. HRL Group қурилиш, тоғ-кон саноати ва энергетика соҳаларида фаолият юритиб, йирик инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш тажрибасига эга экани таъкидланди.
Engro Group эса энергетика, нефт-кимё ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида Покистон энергетика хавфсизлигига салмоқли ҳисса қўшаётган етакчи холдинг сифатида қайд этилди.
Шунингдек, Gohar Textile компанияси пахта толасини қайта ишлашга ихтисослашгани, Go Group эса қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ҳамда экспорт қилишда етакчи экани билдирилди. Томонлар ушбу тажрибаларни Ўзбекистонда қўшма корхоналар орқали жорий этиш имкониятларини муҳокама қилди.
Музокаралар якунида HRL Group раҳбари Исломободда Имом Бухорий мажмуасини барпо этиш, Самарқанд шаҳрида замонавий меҳмонхона қуриш ташаббусини илгари сурди. Go Group'нинг Ўзбекистонда чорвачилик маҳсулотларини тўлиқ қайта ишлаш занжирига эга агрокластер ташкил этиш режалари ҳам қўллаб-қувватланди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Президенти ва Покистон Бош вазири қўшма бизнес форумда иштирок этгаблиги ҳақида хабар берган эдик.





