add

ЕИдан Россияга санкция остидаги машиналар сотилаётгани фош этилди

Bugun 14:352 daqiqa

Европадан бир нечта экспортёр ва Арманистон, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон ҳамда Молдова каби учинчи давлатлардан импортёрлар иштирок этган кенг қамровли схема аниқланди.

ЕИдан Россияга санкция остидаги машиналар сотилаётгани фош этилди

Европанинг фирибгарликка қарши курашиш идораси (OLAF) Россияга нисбатан Евроиттифоқ санкцияларини четлаб ўтиш билан боғлиқ йирик халқаро тергов бошланганини маълум қилди. Тергов доирасида санкцияларни айланиб ўтиб, ЕИ мамлакатларидан 760 дан ортиқ транспорт воситаси экспорт қилингани ўрганилмоқда.

Бу иш санкцияларни бузиб, ноқонуний етказиб беришлар соҳасида кўлами жиҳатидан энг йирикларидан бирига айланди. Жами 766 та автомобил аниқланди: улар Туркияга етказиб бериш учун декларация қилинган, аммо кўрсатилган манзилга етиб бормаган.

Тергов Полша ЕИдан ишлатилган автомобилларнинг шубҳали жўнатмаларини аниқлаб, маълумотларни «OLAF»га тақдим этганидан сўнг бошланган. Полша божхонаси маълумотларига кўра, бу машиналар аслида Россияга ўтказилган. «OLAF» ЕИдан бир нечта экспортёрлар ва Арманистон, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон ҳамда Молдова каби учинчи давлатлардан импортёрлар иштирок этган кенг қамровли схемани аниқлади. «OLAF»нинг маълум қилишича, декларация қилинган манзилларнинг ҳеч бири 766 та автомобилдан бирортасини ҳам қабул қилмаган. Ҳар бир машина кузатиб борилган, бу логистика занжирини қайта тиклаш ва автомобилларни Россия ҳудудида аниқлаш имконини берган. Тергов якунларига кўра, ЕИнинг учта аъзо давлатида жиноий ишлар қўзғатилган. «OLAF» бош директори вазифасини бажарувчи Салла Саастамойнененинг таъкидлашича, санкцияларни четлаб ўтиш схемалари ЕИ чора-тадбирларини заифлаштиради, шу боис идора ЕИ санкцияларининг самарали қўлланишини таъминлаш ва бундай қонунбузарликларнинг олдини олиш устида ишни давом эттирмоқда.

Полша полицияси олдинроқ ҳам Люблин шаҳрида люкс автомобиллар савдоси билан шуғулланган уюшган жиноий гуруҳда иштирок этганликда гумонланиб, 20 нафар шахсни қўлга олган эди. Тергов маълумотларига кўра, гуруҳ санкцияларни айланиб ўтиб, автомобиллар савдоси ва ҚҚСни қайтариш билан боғлиқ фирибгарликка қўл урган. Айрим жиноятлар оғир тоифага киритилган бўлиб, улар учун 5 йилгача озодликдан маҳрум этиш ва йирик жарималар назарда тутилган. Терговчиларнинг аниқлашича, 2021-2025 йилларда гуруҳ Полша, Чехия, Литва ва Германияда фаолият юритган. Иштирокчилар битимлар занжирини мураккаблаштириш ва жиноий фаолиятни яшириш мақсадида «қўғирчоқ» шахслардан фойдаланиб, компаниялар рўйхатдан ўтказган. «BMW», «Mercedes», «Porsche», «Lexus» ва «Range Rover» каби премиум маркали автомобиллар автосалонлардан сотиб олинган, ЕИда воситачиларга қайта сотилган, кейин эса яна Полшага қайтарилган. У ердан машиналар ноқонуний равишда Россия ва Беларусга, асосан беларус, озарбайжон ва қозоғистонлик компаниялар орқали жўнатилган. Тергов маълумотларига кўра, Россияга тахминан 600 та автомобил ноқонуний олиб кирилган. Гуруҳга алоқадор компаниялар асоссиз равишда тахминан 10 миллион доллар миқдорида ҚҚС қайтариб олган.

2022 йил март ойида АҚШ, Евроиттифоқ ва Буюк Британия Россияга қиймати 50 минг доллардан юқори бўлган автомобилларни етказиб беришни тақиқлаган эди.

Teglar

Mavzuga oid