
Россия ўғирланган машиналарни рўйхатдан ўтказишни қонунийлаштирмоқчи
Ички ишлар вазирлиги ташаббуси билан «нодўстона» давлатлар қидирувга берган автомобилларни Россияда давлат рўйхатидан ўтказиш мумкин бўлади.

Россия Ички ишлар вазирлиги халқаро қидирувда турган, аммо Россия ҳудудига олиб кирилиб, фуқаролар томонидан сотиб олинган автомобилларни давлат рўйхатидан ўтказишга рухсат беришни таклиф қилди. Бу ҳақда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар порталида эълон қилинган қонун лойиҳасида сўз боради.
Ҳужжатга кўра, гап «нодўстона» давлатлар ташаббуси билан халқаро қидирувга берилган транспорт воситалари ҳақида кетмоқда. Ташаббус мақсади сифатида «Россия фуқароларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш» кўрсатилган.
Амалдаги тартибга кўра, автомобил қандай шароитда харид қилинганидан қатъи назар, қидирувда турган транспорт воситаларини рўйхатдан ўтказиш тақиқланган. Янги лойиҳа айнан шу қоидани ўзгартиришни назарда тутади.
Рўйхатга олиш муаммоси
Вазирлик изоҳига кўра, Украинага қарши уруш бошланганидан сўнг қатор хорижий давлатларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари Россия сўровларига жавоб бермай қўйган. Натижада, автомобилнинг ҳақиқатан ўғирлангани ёки қандай шароитда қидирувга берилганини аниқлаш имкони йўқ.
Мисол сифатида Германия келтирилади. ИИВ маълумотларига кўра, 2026 йил 19 январ ҳолатига Россияда аниқланган ва халқаро қидирувда бўлган 123 та автомобил бўйича Германиядан ҳеч қандай жавоб олинмаган. Шунингдек, Украина томонидан қидирувга берилган машиналар бўйича ҳам шундай ҳолат қайд этилмоқда.
Вазирлик таъкидлашича, транспорт воситасини халқаро қидирув базасидан чиқариш ҳуқуқи фақат қидирувни бошлаган давлатга тегишли.
Схемалар ва хавфлар
Қонун лойиҳаси рўйхатга олувчи органга бундай ҳолатларда рўйхатдан ўтказиш тартибини мустақил белгилаш ваколатини беришни таклиф қилади. Бу эса амалдаги ҳуқуқий бўшлиқни тўлдириш сифатида изоҳланмоқда.
Аввалроқ «Известия» нашри Россияда Европада ўғирланган автомобилларни легаллаштириш схемалари мавжудлигини ёзган эди. Машиналар Луганск ва Донецк ҳудудлари орқали олиб кирилиб, соддалаштирилган тартибда рўйхатдан ўтказилгандан сўнг Россиянинг бошқа ҳудудларида қайта расмийлаштирилади.
Мутахассислар эса келажакда Интерпол орқали ҳамкорлик тикланса, бундай автомобиллар яна қидирув базаларида «ёриб чиқиши» ва харидорлар мол-мулксиз қолиш хавфи юқори эканини таъкидламоқда.





