
АҚШ–Эрон музокаралари фонида нефт арзонлашмоқда
Бугун Уммонда ўтиши режалаштирилган АҚШ–Эрон музокаралари арафасида нефт нархлари сўнгги етти ҳафтада илк бор ҳафталик пасайишга яқин турибди.

Бугун, 6 феврал куни АҚШ нефт фючерслари бироз кўтарилди, аммо таъминот билан боғлиқ хавотирлар пасайиши ва инвесторлар кун давомида Уммонда бўлиб ўтадиган АҚШ–Эрон ядровий музокаралари натижасига эътибор қаратгани сабабли нархлар сўнгги етти ҳафтада илк бор ҳафталик пасайишни қайд этиш арафасида турибди. Бу ҳақда «Reuters» хабар берди.
«Brent» маркасидаги нефт фючерслари 25 центга, ёки 0,4 фоизга ошиб, бир баррели 67,80 долларга етди. АҚШнинг «West Texas Intermediate» (WTI) нефти ҳам 25 центга, ёки 0,4 фоизга қимматлаб, бир баррели 63,54 доллардан савдоланди.
Кўрсаткичлар январ ойи охирида, АҚШ президенти Доналд Трамп Эронга зарба бериш билан таҳдид қилган пайтда эришилган қарийб олти ойлик энг юқори даражалардан 3 фоиздан ортиққа пасайган. Айни пайтда томонлар бугун, 6 феврал куни Уммонда музокаралар ўтказиши режалаштирилган.
Бироқ Теҳрон ва Вашингтон учрашув кун тартиби бўйича ҳали келишиб олмаган. Эрон фақат ядровий масалаларни муҳокама қилишни истамоқда, АҚШ эса Эроннинг баллистик ракеталари, минтақадаги қуролланган гуруҳларни қўллаб-қувватлаши ва мамлакат ичидаги аҳолига муносабати масалаларини ҳам кун тартибига киритишни талаб қилмоқда.
«Икки томон позициялари ҳали ҳам кескин фарқ қилади, бу эса тарангликни сақлаб қолмоқда. Шу боис геосиёсий хавф премияси сақланиб қолади», – деди «ANZ» банки таҳлилчиси Даниэл Ҳайнс 6 феврал куни эълон қилинган шарҳида.
АҚШ ва Эрон ўртасидаги кескинликнинг ҳар қандай кучайиши нефт оқимларини издан чиқариши мумкин. Чунки жаҳонда истеъмол қилинадиган нефт ҳажмининг тахминан бешдан бир қисми Уммон ва Эрон ўртасида жойлашган Ҳормуз бўғози орқали ташилади. Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Қувайт ва Ироқ нефтининг асосий қисмини айнан шу бўғоз орқали экспорт қилади. ОПЕК аъзоси бўлган Эрон ҳам нефтини шу йўл билан жўнатади.
Агар АҚШ–Эрон музокаралари минтақада можаро эҳтимолини камайтирса, нефт нархлари янада пасайиши мумкин.
«Биз геосиёсий қўрқувлар ўрнини заиф фундаментал омиллар эгаллашини кутяпмиз», – дейди «Capital Economics» таҳлилчилари.
Улар Қозоғистонда нефт қазиб олиш ҳажмининг тикланиши нархларни пасайтиришга хизмат қилиб, 2026 йил охирига келиб нефт нархи бир баррели 50 доллар атрофига тушиши мумкинлигини қайд этган.





