add

Кимга кафил эканини онлайн билиш имкони яратилди

Kecha 15:352 daqiqa

Кредит-ахборот таҳлилий маркази фойдаланувчиларга кимга кафил эканини билиш ва кафил сифатида кредит олувчининг кредит тарихини текшириш имкониятини яратди.

Кимга кафил эканини онлайн билиш имкони яратилди

Кредит-ахборот таҳлилий маркази «KATM» мобил иловаси орқали аҳоли учун бир қатор янги хизматларни тақдим қилди.

«Ишончли кафил» хизмати орқали хизматдан фойдаланувчи кафил бўлишидан аввал қарз олувчи шахснинг кредит тарихи маълумотлари, яъни унинг мажбуриятлари ва уларнинг бажарилиши ҳолати ҳамда скоринг бали билан танишиши мумкин бўлади.

Бу кафил учун қарз олувчининг ишончли эканини текшириш ва қарор қабул қилишга ёрдам беради.

Бундан ташқари, «Кимга кафилман» хизмати орқали фойдаланувчи ҳозирда қайси шахслар бўйича кафил эканини кўриши, мавжуд кафиллик мажбуриятларини назорат қилиши ҳамда молиявий рискларни баҳолаши мумкин.

Шунингдек, «Муддати ўтган тўловлар» хизмати орқали асосий қарздорлик бўйича кечиктириб (90 кундан ошган) тўланган тўловлар тўғрисидаги маълумотларнинг кредит тарихидан чиқишини (ўчиб кетишини) кузатиб бориш имконияти тақдим қилинмоқда.

«KATM» иловаси орқали кредит тарихини олиш, «Кредитга тақиқ» ва Freeze хизматларидан фойдаланиш мумкин.

Кредит тарихини қандай олса бўлади?

Кредит тарихини ҳар ким кредит олмаган бўлса ҳам текшириб кўриш имкониятига эга. Хизматдан бир йилда бир маротаба бепул фойдаланиш мумкин.

Қарз олувчилар 0 дан 500 гача бўлган оралиқдаги скоринг балл орқали баҳоланади ва ушбу оралиқ 5 гуруҳга бўлинади:

  • A — аъло (400–500 балл);

  • B — яхши (300–400 балл);

  • C — ўртача (200–300 балл);

  • D — қониқарли (100–200 балл);

  • E — ёмон (0–100 балл).

Кредит тарихини 4 хил йўл билан билиб олиш имконияти бор:

  1. мобил илова орқали — Android | AppStore;

  2. Кредит бюроси веб-сайтининг — https://portal.infokredit.uz/login шахсий кабинет бўлими орқали.
    Call-марказ: (+998) 712034747, Telegram: @katm_uz;

  3. Ягона интерактив давлат хизматлари портали my.gov.uz орқали «Кредит тарихи» тўғрисида маълумотнома бериш саҳифасида;

  4. Ўзбекистонда жойлашган барча «Ягона дарча» Давлат хизматлари марказлари орқали.

Хизматдан бир йилда бир марта бепул фойдаланиш имконияти бўлса-да, KATM иловасида скоринг баллини ҳар куни бепул кузатиб бориш мумкин.

My.gov.uz орқали кредит тарихи йилга бир марталик меъёрдан кўп олинганда 14 834 сўм, Кредит бюроси орқали олинганда эса 16 480 сўм тўланади.

«Freeze» хизмати орқали кредит тарихи олинишини музлатиб қўйиш мумкин. Бу эса кредит ташкилотларига кредит бериш имкониятини йўққа чиқаради. Кўпчилик фирибгарликдан қочиш мақсадида ушбу хизматдан фойдаланади.

«Кредитга тақиқ» хизмати ҳам фирибгарликни олдини олиш учун ишлатилади. Бу орқали аҳоли уларнинг иштирокисиз ёки хабариcиз кредит битими расмийлаштирилишининг олдини олиш имкониятига эга бўлади.

Teglar

Mavzuga oid