add

Ўзбекистонда таксичилар қанча даромад топмоқда?

Kecha 16:352 daqiqa

2025 йилда такси агрегаторлари орқали хизматлар айланмаси 9,6 трлн сўмга етган, айрим ҳайдовчилар йилига 100 млн сўмдан ортиқ даромад олган.

Ўзбекистонда таксичилар қанча даромад топмоқда?

2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистонда такси хизматлари бозорида молиявий шаффофлик сезиларли даражада ошди. Солиқ қўмитаси маълумотларига кўра, солиқ тизимига уланган 224 та такси агрегатори орқали бир йилда 479 миллион марта йўловчи ташилган. Йўловчи ташиш хизматларининг умумий айланмаси 9,6 трлн сўмни ташкил этган.

Ушбу айланманинг 6,7 трлн сўми ёки 70,2 фоизи нақд тўловларга, 2,8 трлн сўми эса нақдсиз тўловларга тўғри келган. Ўртача битта сафар учун чек миқдори 20 минг сўмдан ошган. Бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан ўсган бўлиб, ўша йилда ўртача чек 18,5 минг сўм атрофида эди.

Солиқ тушумлари динамикаси

2025 йил давомида такси агрегаторлари томонидан жами 128,2 млрд сўм солиқ тўланган. Унинг 63,6 млрд сўми қўшилган қиймат солиғи ҳиссасига тўғри келади. Солиқ тушумлари 2024 йилга нисбатан камайган бўлса-да, умумий айланманинг ўсиши бозорда рақобат ва фаоллик ошганини кўрсатади.

Ҳайдовчилар сони ва ёш таркиби

2026 йил 1 январь ҳолатига кўра, агрегаторлар орқали 574,6 минг нафар ҳайдовчи ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида фаолият юритмоқда. Уларнинг 59 фоизи 30–50 ёш оралиғида бўлиб, асосий ишчи қатламни ташкил этади. 30 ёшгача бўлганлар 189,5 минг нафарни, 50 ёшдан катталар эса 45,4 минг нафарни ташкил этган. Шунингдек, 4,7 минг нафар аёл ҳайдовчи ҳам фаолият юритмоқда.

Даромадлар тақсимоти

2025 йилда 15,5 минг нафар ҳайдовчи 100 млн сўмдан ортиқ даромад олган. 50–100 млн сўм оралиғида даромад топганлар 36,9 минг нафар, 10–50 млн сўм ишлаганлар эса 143,8 минг нафарни ташкил этди. Бу рақамлар 2024 йилга нисбатан сезиларли ўсишни кўрсатади.

Автомобиллар парки

Таксида энг кўп фойдаланилган автомобиль Cobalt бўлиб, унинг улуши 23,7 фоизга тенг. Кейинги ўринларда Nexia ва Lacetti жойлашган. Электромобилларда ишлаётган ҳайдовчилар улуши эса ҳозирча 1,9 фоизни ташкил этмоқда.

Teglar

Mavzuga oid