add

Москвада рус генералига суиқасд уюштирилди

Kecha 17:442 daqiqa

Россия Қуролли кучлари Бош штаби Бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Владимир Алексеев Волоколамск шоссесида жойлашган тураржой биносида содир этилган ҳужумда оғир яраланди. Россия Тергов қўмитаси жиноят иши қўзғатди.

Москвада рус генералига суиқасд уюштирилди

Москвада Россия Қуролли кучлари Бош штаби Бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари, Мудофаа вазирлиги генерал-лейтенанти Владимир Алексеевга суиқасд уюштирилди. Россия Тергов қўмитасининг расмий вакили Светлана Петренко 64 ёшли генералга қилинган ҳужум бугун, 6 феврал куни у истиқомат қилган Волоколамск шоссесидаги тураржой биносининг 24-қаватида содир бўлганини маълум қилди.

Номаълум шахс Алексеевга бир неча марта ўқ узиб, воқеа жойидан қочиб кетган. Генерал тирик қолган ва зудлик билан Москвадаги шифохоналардан бирига етказилган. Давлатга қарашли «Russia Today» телеканали ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги манбага таянилган ҳолда жабрланувчининг аҳволи оғир эканини хабар қилди. «Telegram»даги «Baza» канали маълумотларига кўра, Алексеев кўп қон йўқотган.

Ҳодиса жойида терговчилар ва криминалистлар иш олиб бормоқда. Улар кузатув камералари ёзувларини ўрганмоқда, гувоҳларни сўроқ қилмоқда. Петренконинг айтишича, Россия Тергов қўмитаси одам ўлдиришга суиқасд ва ўқотар қуролнинг ноқонуний айланмаси моддалари бўйича жиноят иши қўзғатган. «The Insider» нашри маълумотларига кўра, уй аҳолиси чатларда подъездда камералар ишламаётганидан шикоят қилган.

Алексеев АҚШ ва ЕИ санкциялари остида

Генерал-лейтенант Владимир Алексеевни кўпчилик 2023 йил ёзида Евгений Пригожин исёни пайтида эълон қилинган видео мурожаат орқали билса керак. Ўшанда айнан Алексеев «вагнерчилар»ни «провокацияларга берилмасликка» чақирган эди. ОАВ маълумотларига кўра, у шахсан «Вагнер» ўрнини босиши керак бўлган янги хусусий ҳарбий компанияни назорат қилган.

Украинада туғилган Алексеев 2016 йил декабридан бери АҚШ санкциялари остида – у АҚШ президенти сайловлари олдидан содир этилган киберҳужумлар билан боғлиқ айбловлар сабаб санкция рўйхатига киритилган. 2019 йилда эса у Солсбери шаҳрида икки томонлама агент Сергей Скрипал заҳарланиши иши ортидан Европа Иттифоқи санкцияларига ҳам тушган.

Шунга ўхшаш ҳодисалар Россиянинг Украинага қарши уруши бошланганидан бери бир неча бор кузатилган. Декабр ойи охирида Москва жанубида автомашина портлаши оқибатида Россия Қуролли кучлари Бош штаби оператив тайёргарлик бошқармаси бошлиғи генерал-лейтенант Фанил Сарваров ҳалок бўлган. 2025 йил апрелида Москва вилоятининг Балашиха шаҳрида Россия Қуролли кучлари Бош штаби Бош оператив бошқармаси бошлиғининг ўринбосари генерал-лейтенант Ярослав Москалик ҳалок бўлган. Январ ойида эса 2024 йил декабрда Россия Федерацияси радиацион, кимёвий ва биологик ҳимоя қўшинлари бошлиғи генерал Игор Кириллов ўлдирилиши иши бўйича суд ҳукми чиқарилган. Москвадаги 2-Ғарбий округ ҳарбий суди ўзбекистонлик Аҳмаджон Қурбоновни Игор Кирилловнинг ўлимига сабаб бўлган ҳужумни содир этишда айблаб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Teglar

Mavzuga oid