add

«New START» тугади: Трамп Путиннинг таклифини рад этди

Kecha 14:355 daqiqa

20 йилдан ортиқ вақт давомида АҚШ ва Россия ўртасида стратегик ядровий қуролларни чеклаб келган «New START» шартномаси ўз кучини йўқотди. Доналд Трамп Москва таклиф этган бир йиллик узайтиришдан воз кечиб, янги шартнома тарафдори эканини маълум қилди.

«New START» тугади: Трамп Путиннинг таклифини рад этди

АҚШ президенти Доналд Трамп 5 феврал куни Россия президентининг стратегик ядровий қуроллар жойлаштирилишига қўйилган чекловларни ихтиёрий равишда бир йилга узайтириш таклифини рад этди. Бу чекловлар 20 йилдан ортиқ вақт давомида амал қилиб келган шартнома муддати тугагач ўз кучини йўқотган эди.

«New START»ни узайтириш ўрнига, биз ядровий масалалар бўйича мутахассисларимизга келажакда узоқ муддат амал қиладиган янги, яхшиланган ва модернизация қилинган шартнома устида ишлашни топширишимиз керак», – деб ёзди Трамп «Truth Social» ижтимоий тармоғидаги постида.

Қуролларни назорат қилиш тарафдорлари шартнома муддатининг тугаши ядровий қуролланиш пойгасини тезлаштириб юборишидан огоҳлантирмоқда. Айни пайтда, АҚШдаги айрим мухолифлар ушбу келишув Россия ва Хитой томонидан келаётган ядровий таҳдидларни жиловлаш учун етарли миқдорда қурол жойлаштириш имкониятини чеклаб қўйганини таъкидламоқда.

Трампнинг баёноти Россия президенти Владимир Путиннинг 2010 йилги келишувда белгиланган чекловларга – 700 та етказиб бериш тизими (ракета, самолёт ва сувости кемалари) доирасида 1 550 та ядровий заряд лимитига – томонлар бир йил давомида амал қилиш таклифига жавоб бўлди.

«New START» Совуқ уруш давридан бошлаб ярим асрдан ортиқ вақт давомида дунёдаги энг йирик икки ядровий держава – АҚШ ва Россия ўртасида тузилган қуролларни назорат қилиш бўйича шартномалар занжиридаги сўнггиси эди. У фақат бир марта узайтириш имкониятини назарда тутган бўлиб, 2021 йилда Владимир Путин ва АҚШнинг собиқ президенти Жо Байден уни беш йилга узайтиришга келишган эди.

Трамп ўз постида «New START»ни «ёмон музокара қилинган келишув» деб атади ва унинг «қўпол равишда бузилаётганини» билдирди. Бу, эҳтимол, Путиннинг 2023 йилда текширувлар ва томонларнинг келишувга риоя қилаётганига ишонч ҳосил қилишга қаратилган бошқа чора-тадбирларни тўхтатиш қарорига ишора қилади. Путин бу қарорини АҚШнинг Украинага Россиянинг 2022 йилдаги кенг кўламли босқинига қарши курашда кўрсатаётган ёрдами билан изоҳлаган эди.

Оқ уй матбуот котиби Кэролайн Ливитт журналистларга АҚШ Россия билан музокараларни давом эттиришини маълум қилди.

Икки томон ҳам музокараларга очиқ эканини билдирмоқда

Аввалроқ Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков Россия Вашингтон Путин таклифига конструктив жавоб берса, АҚШ билан мулоқотга киришишга тайёр эканини айтган эди.

«Қаранг, агар қандайдир конструктив жавоблар бўлса, албатта, биз мулоқот олиб борамиз», – деди Песков журналистларга.

БМТ ҳар икки томонни шартномани қайта тиклашга чақирди.

Қуроллар сонига чекловлар белгилашдан ташқари, «New START» шартномаси мутахассислар таъкидлашича, ядровий рақиблар ўртасида муайян даражада ишонч ва барқарорликни шакллантирган текширув режимларини ҳам ўз ичига олган бўлиб, бу дунёни янада хавфсиз қилишга хизмат қилган.

Агар шартнома ўрнини босадиган ҳеч қандай келишув бўлмаса, хавфсизлик таҳлилчилари хато ҳисоб-китоблар хавфи юқори бўлган янада хатарли муҳит юзага келишини қайд этмоқда. Бир-бирининг ниятлари ҳақида энг ёмон сценарийларга таянишга мажбур бўлган АҚШ ва Россия ўз ядровий арсеналларини оширишга рағбат сезиши мумкин. Айниқса, Хитой ўз ядровий салоҳиятини жадал равишда ошираётган бир пайтда бу янада долзарб аҳамият касб этади.

Трамп «New START»ни яхшироқ келишув билан алмаштиришни ва унга Хитойни ҳам жалб этишни исташини билдирган. Бироқ Пекин Москва ва Вашингтон билан бундай музокараларга киришишдан бош тортмоқда. Хитойда ядровий зарядлар сони уларникига нисбатан анча кам – тахминан 600 та, Россия ва АҚШда эса ҳар бирида тахминан 4 мингтадан.

Кеча, 5 феврал куни ҳам ушбу позицияни такрорлаб, Хитой шартнома муддатининг тугаганини афсусланарли ҳолат деб атади ва АҚШни Россия билан «стратегик барқарорлик» масалалари бўйича мулоқотни қайта бошлашга чақирди.

Шартнома муддатининг тугаш санаси атрофида ноаниқлик

Шартнома аниқ қачон ўз кучини йўқотиши борасида тушунмовчиликлар кузатилди, бироқ Песков унинг амал қилиш муддати 5 феврал куни охирида тугашини айтди.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги Москва шартнома энди амал қилмайди, деб ҳисоблаётганини ва ҳар икки томон кейинги қадамларини мустақил равишда танлашда эркин эканини билдирди. Вазирлик Россия миллий хавфсизликка нисбатан юзага келиши мумкин бўлган қўшимча таҳдидларни камайтириш учун «кескин ҳарбий-техник қарши чоралар» кўришга тайёр эканини, бироқ дипломатия учун ҳам очиқлигини таъкидлади.

Бу огоҳлантириш, эҳтимол, Трамп «New START»га риоя қилиш доирасида қабул қилинган айрим чораларни бекор қилиб, АҚШнинг ядровий жойлаштириш ҳажмини кенгайтириши мумкинлигига жавоб сифатида айтилган. Хусусан, гап қитъалараро баллистик ракеталар ва сувости кемаларидан учириладиган ракеталардан олиб ташланган ядровий зарядларни яна жойлаштириш ҳақида бормоқда.

2023 йилда Конгресс томонидан тузилган икки партияли комиссия АҚШга захирадаги ядровий зарядларнинг бир қисмини ёки барчасини қайта жойлаштириш режаларини ишлаб чиқишни тавсия этган эди. Комиссия фикрича, мамлакат Россия ва Хитойга қарши бир вақтнинг ўзида уруш олиб бориш эҳтимолига тайёр туриши керак.

2022 йилда Россиянинг босқинидан буён уруш ҳолатида бўлган Украина шартнома муддатининг тугашини Россиянинг «жаҳон хавфсизлик архитектурасини парчалаш»га қаратилган ҳаракатлари оқибати, деб атади ҳамда буни «Украинага халқаро қўллаб-қувватлашни сусайтиришга қаратилган ядровий шантажнинг яна бир воситаси» сифатида баҳолади.

Стратегик ядровий қуроллар – бу ядровий уруш юз берган тақдирда ҳар икки томон бир-бирининг пойтахти, ҳарбий ва саноат марказларига зарба бериш учун ишлатадиган узоқ масофали тизимлардир. Улар қуввати нисбатан паст бўлган ва чекланган зарбалар ёки жанг майдонида қўллаш учун мўлжалланган тактик ядровий қуроллардан фарқ қилади.

Мутахассислар таъкидлашича, агар ҳеч қандай келишув билан чекланмаса, Россия ва АҚШ бир неча йил ичида ҳар бири юзлаб қўшимча ядровий зарядларни жойлаштириши мумкин.

«Шаффофлик ва башорат қилиб бўладиганлик қуролларни назорат қилишнинг кўзга кўринмас, аммо жуда муҳим афзалликларидан бўлиб, улар тийиб туриш сиёсати ва стратегик барқарорликнинг асосини ташкил этади», – деди Стокголм халқаро тинчлик тадқиқотлари институти директори Карим Ҳаггaг.

Teglar

Mavzuga oid