add

Таксичилар даромади, Самарқанддаги непотизм ва «Карвон йўлидаги таҳдидлар»га жавоб — 6 феврал дайжести

Kecha 23:234 daqiqa

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Таксичилар даромади, Самарқанддаги непотизм ва «Карвон йўлидаги таҳдидлар»га жавоб — 6 феврал дайжести

Тошкентда ёнғин хавфсизлигига риоя этмаган бинолар ёпилди

Тошкент шаҳри бўйлаб ўтказилган кенг кўламли текширувлар натижасида Мирзо Улуғбек, Чилонзор, Юнусобод ва бошқа туманлардаги жами 10 та кўнгилочар ва савдо мажмуаси фаолияти вақтинча тўхтатилди. ФВББ хабарига кўра, мазкур объектларда ёнғин хавфсизлиги қоидалари қўпол равишда бузилгани аниқланган. Эндиликда ушбу мажмуалар барча камчиликлар тўлиқ бартараф этилмагунча ўз ишини қайта тиклай олмайди.

Назорат тадбирларининг кучайтирилиши жорий йил 31 январда «Авиатор» савдо марказида юз берган, ёш бола ўлимига сабаб бўлган фожиали ёнғин билан боғлиқ. Мазкур ҳолат юзасидан ҳозирда жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Мутасаддилар бу каби фожиаларнинг олдини олиш мақсадида жамоат гавжум бўладиган биноларда текширувлар давом этишини билдирган.

Бурхонов самарқандлик амалдорларни ишдан бўшатиш ҳақида тақдимнома киритилганини айтди

Коррупцияга қарши кураш агентлиги директори Акмал Бурхонов Самарқанд вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси раҳбарларини лавозимидан озод этиш бўйича вазирликка тақдимнома киритилганини маълум қилди. Аниқланишича, Санкт-Петербургдаги «Алвон елканлар» битирувчилар тадбирига аслида иқтидорли ўқувчилар бориши керак бўлган, бироқ бошқарма бошлиғи Музаффар Ҳамдамов ва бошқа ходимлар улар ўрнига ўз фарзандлари ҳамда жиянларини юборишган. Ушбу «саёҳат» учун бюджетдан ноқонуний сарфланган 28 миллион сўм маблағ аллақачон давлатга қайтарилди.

Мазкур воқеа жамоатчиликда кескин эътироз уйғотди, чунки бошқарма мутасаддилари 1200 дан ортиқ мактаби бор вилоятда «муносиб номзод топилмади» деган важ билан яқин қариндошларини танлаган. Бундан ташқари, сафар харажатлари учун жами 96 миллион сўм маблағ сарфлангани шубҳали саволларни юзага келтирган. Ҳозирда ушбу непотизм ва суиистеъмолчилик ҳолати юзасидан қатъий чоралар кўриш ва масъулларни жавобгарликка тортиш жараёни давом этмоқда.

Ўзбекистонда таксичилар қанча даромад топмоқда?

2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистонда такси агрегаторлари орқали амалга оширилган хизматлар ҳажми 9,6 трлн сўмни ташкил этиб, жами 479 миллион марта йўловчи ташилган. Солиқ қўмитаси маълумотларига кўра, соҳада шаффофлик ортиши натижасида 574,6 минг нафар ҳайдовчи ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтган. Даромадлар тақсимотида сезиларли ўсиш кузатилиб, 15,5 минг нафар ҳайдовчи йилига 100 млн сўмдан ортиқ, 36,9 минг нафари эса 50 млн сўмдан 100 млн сўмгача даромад кўрган. Битта сафар учун ўртача чек миқдори 20 минг сўмдан ошган.

Бозорда нақд пулсиз тўловлар улуши ортиб, 2,8 трлн сўмга етган бўлса-да, ҳали ҳам асосий қисм (70 фоиз) нақд ҳисоб-китобларга тўғри келмоқда. Ҳайдовчиларнинг асосий қатламини 30–50 ёшдагилар ташкил этса, аёл ҳайдовчилар сони 4,7 минг нафарга етди. Автомобиллар паркида «Cobalt» (23,7%) етакчиликни сақлаб қолган, электромобиллар улуши эса қарийб 2 фоизни ташкил этмоқда. Солиқ тушумлари бўйича агрегаторлар томонидан йил давомида бюджетга 128,2 млрд сўм тўланган.

Январ ойида инфляция даражаси 0,7 фоизга пасайди

2026 йил январ ойида Ўзбекистонда истеъмол нархларининг ойлик ўсиши 0,7 фоизни ташкил этди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ўзгаришсиз қолган бўлса-да, йиллик инфляция даражаси сезиларли даражада пасайиб, 9,9 фоиздан 7,2 фоизга тушди. Озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ой давомида 0,8 фоизга ошган бўлса, ноозиқ-овқат товарлари ва хизматлар нархларининг йиллик ўсиш суръати 8,1 фоизгача секинлашди. Ҳудудлар кесимида энг юқори йиллик инфляция Фарғона вилоятида (7,7 фоиз), энг пасти эса Жиззахда (6,7 фоиз) қайд этилди.

Эътиборли жиҳати, январ ойидан бошлаб инфляцияни ҳисоблашда халқаро стандартларга асосланган янги рақамли методология қўлланила бошланди. Эндиликда нархлар нафақат планшетлар, балки онлайн-касса чеклари ва веб-скрапинг усуллари орқали ҳам кузатилади. Истеъмол саватига электромобилларни қувватлаш, электр самокатлар ижараси ва сунъий интеллект хизматларига пуллик обуналар каби замонавий хизматлар ҳам киритилган бўлиб, маълумотлар ойига 11 кун эмас, балки 25 кун давомида тўпланади.

Абдусаид Кўчимов: «Карвонимизга таҳдид соладиган ҳар қандай кучнинг попугини пасайтириб қўйишимиз шарт»

Олий Мажлис Сенатининг 5 феврал куни бўлиб ўтган ялпи мажлисида сенатор Абдусаид Кўчимов сўзга чиқиб, Ўзбекистон ҳар қандай ташқи кучнинг васийлик ёки босим ўтказишга уринишларини қатъий рад этиши лозимлигини билдирди. Унинг таъкидлашича, ҳозирги мураккаб геосиёсий шароитда давлат ўз миллий манфаатларини ҳимоя қилишда принципиал ва изчил позицияни сақлаб қолиши шарт.

«Карвонимизга таҳдид соладиган ҳар қандай кучга, акиллаган ҳар қандай лайча ёки қашқирга қарши ўз жойида қатъий жавоб беришимиз, уларнинг попугини пасайтириб, ақлини киргизиб қўйишимиз шарт», - деди Абдусаид Кўчимов айрим ташқи кучларнинг ўзини устун қўйишга интилишларини танқид қилган ҳолда.

Сенаторнинг фикрича, мамлакат фақат бирлик, ирода ва изчил амалий ишлар орқали ташқи босимларга қарши туриб, олдига қўйилган стратегик мақсадларга эриша олади.

Teglar

Mavzuga oid