
Йўл ҳаракати билан боғлиқ айрим ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий огоҳлантириш қўлланади
Янги тартибга кўра, йўл ҳаракати хавфсизлиги билан боғлиқ кам аҳамиятли ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий огоҳлантириш жазоси қўлланилади.

2026 йил 4 февралда қабул қилинган ЎРҚ–1116-сонли қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди. Ушбу ўзгаришлар йўл ҳаракати хавфсизлиги билан боғлиқ айрим ҳуқуқбузарликлар учун янги таъсир чорасини жорий этишни назарда тутади.
Қонунга кўра, кам аҳамиятли ҳуқуқбузарликлар содир этилганда маъмурий огоҳлантириш жазоси қўлланилиши мумкин. Маъмурий огоҳлантириш — ҳуқуқбузарлик содир этган шахсни қонунга хилоф хатти-ҳаракатларни такрорламаслик тўғрисида расмий равишда огоҳлантириш ва унга танбеҳ беришдан иборат.
Маъмурий огоҳлантириш ёзма ёки электрон шаклда расмийлаштирилади. Бу жазо тури жарима ёки бошқа маъмурий санкцияларга муқобил тарзда қўлланади ва профилактик характерга эга ҳисобланади.
Қайси ҳуқуқбузарликларга татбиқ этилади?
Маъмурий огоҳлантириш Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг қуйидаги моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этган шахсларга нисбатан қўлланиши мумкин:
125-моддаси 1-қисми — Ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини бошқариш ва йўловчилар ташишда хавфсизлик камаридан фойдаланиш қоидаларига, худди шунингдек мотоцикл ва мопедлар ҳайдовчиларининг мотошлемлардан фойдаланиш қоидаларига риоя этмаслиги;
125-моддаси 2-қисми — Ҳайдовчиларнинг белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилмаган ёки мажбурий техник кўрикдан ўтказилмаган ёхуд фойдаланиш ман этиладиган даражада носозлиги бўлган ёки қонунчиликда белгиланган тартибда фавқулодда вазиятда ойнани синдириш учун фойдаланиладиган болғача билан жиҳозланмаган, ўт ўчиргич, тиббиёт қутичаси, авария ҳолатида тўхтаганлигини билдирувчи белги ва нур қайтаргичли камзул билан бутланмаган, худди шунингдек ишлаётганида ташқарига чиқараётган ифлослантирувчи моддаларнинг миқдори, шунингдек шовқин даражаси белгиланган нормалардан ортиқ бўлган транспорт воситаларини бошқариши;
1281-моддаси — Транспорт воситасини бошқариш вақтида ҳайдовчиларнинг телефондан фойдаланиши (бундан телефондан қулоқчинлар орқали ва қўлларни ишлатмасдан туриб сўзлашувлар олиб бориш имкониятини берадиган бошқа ускуналар орқали фойдаланиш мустасно);
1282-моддаси — Транспорт воситасини бошқариш вақтида теле-, видеодастурларни томоша қилиш мақсадида транспорт воситаси салонининг олд қисмига ўрнатилган монитордан (дисплейдан) фойдаланиш;
1286-моддаси — Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини бузиши;
1351-моддаси — Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полисларида назарда тутилмаган фойдаланиш даврида транспорт воситаларини бошқариш, худди шунингдек фақат мазкур суғурта полисларида кўрсатилган ҳайдовчилар айни шу транспорт воситаларини бошқариши тўғрисида мазкур суғурта полисларида назарда тутилган шартларни бузган ҳолда транспорт воситаларини бошқариш;
138-моддаси 1-қисми — Пиёдаларнинг йўл ҳаракатини тартибга солувчи сигналларга бўйсунмаслиги, уларнинг йўлнинг ҳаракат қисмини белгиланмаган жойлардан кесиб ўтиши, пиёдалар йўлнинг қатнов қисмида, шу жумладан пиёдалар ўтиш жойида ҳаракатланаётганда телефондан фойдаланиши, китобларни ёки даврий нашрларни ўқиши, видеоматериалларни томоша қилиши ҳамда аудиоматериалларни эшитиши, шунингдек эътиборни чалғитадиган бошқа электрон воситалардан фойдаланиши, шунингдек скутерлар, мопедлар ва велосипедларни, индивидуал ҳаракатланиш воситаларини, уловли аравани бошқариб бораётган шахсларнинг ҳамда йўлдан фойдаланувчи бошқа шахсларнинг йўл ҳаракатини тартибга солувчи сигналларга бўйсунмаслиги, устунлик берувчи, тақиқловчи ёки кўрсатма берувчи йўл белгилари талабларига риоя этмаслиги;
138-моддаси 2-қисми — Ҳайдовчиларга ҳар хил хизмат кўрсатиш мақсадида йўлнинг қатнов қисмида фуқароларнинг туриши, йўлларга ажратилган минтақа теграсида мол боқиш.
Қўллаш шартлари
Ушбу чора фақат ҳуқуқбузар шахс ўз қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлган тақдирда, шунингдек Кодексда назарда тутилган бошқа ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжуд бўлмаган ҳолларда ваколатли орган томонидан қўлланади.
Шунингдек, маъмурий огоҳлантириш бир шахсга нисбатан бир йил давомида бир мартадан ортиқ қўлланилиши мумкин эмас. Бу норма жазони суиистеъмол қилишнинг олдини олишга қаратилган.





