
Евро банкнотлари сўнгги 20 йилда янги дизайн қилинади
Европа марказий банки нақд пулнинг қиёфасини янгилаш орқали хавфсизлик, экология ва умумевропа қадриятларини кучайтиришни мақсад қилмоқда.

Европа марказий банки (ЕМБ) евро банкнотларининг илк йирик редизайнини амалга ошириш жараёнини расман бошлади. Амалдаги купюралар 2002 йил 1 январдан буён ўзгармаган бўлиб, янги босқич нақд пулнинг келажагини қайта белгилашга қаратилган.
ЕМБ кенгаши икки асосий дизайн концепциясини тасдиқлади. Улар Европанинг ўзига хослигини, умумий қадриятларини ва замонавий йўналишларини акс эттириши лозим. Қайси концепция танланиши ҳақида якуний қарор 2026 йил охирига қадар қабул қилинади.
ЕЦБ президенти Кристин Лагард еврони «валютадан кўра кенгроқ маънога эга рамз» деб атаб, янги банкнотлар ҳар бир европалик учун яқин ва тушунарли бўлиши кераклигини таъкидлади.
Табиат ёки маданият
Биринчи концепция — «Дарёлар ва қушлар» мавзуси бўлиб, у экологик барқарорлик ва табиий хилма-хилликка урғу беради. Ҳар бир номиналда муайян табиат манзараси ва қуш тасвирланади, орқа томонида эса Европа институтлари жой олади.
5 евро — тоғ чашмаси, тоғ манзараси фонида табиий харсанг. Орқа томони: Европа парламенти.
10 евро — шаршара, шаршара олдида ёки дарёнинг сокин қисмидан чиқиб турган тош. Орқа томони: Европа комиссияси.
20 евро — дарёли водий, қумли соҳилидаги асаларихўрлар галаси. Орқа томони: Европа марказий банки.
50 евро — айланиб оқаётган дарё, текис водий узра парвоз қилаётган лайлак. Орқа томони: Европа Иттифоқи суди.
100 евро — дарё ўзани, озуқа ахтараётган қуш. Орқа томони: Евроа кенгаши ва Европа Иттифоқи Кенгаши.
200 евро — денгиз манзараси, денгиз тўлқинлари узра парвоз қилаётган қушлар. Орқа томони: Европа ҳисоб палатаси.
Иккинчи йўналиш — «Европа маданияти». Унда Мария Каллас, Людвиг ван Бетховен, Мария Кюри, Мигел де Сервантес, Леонардо да Винчи ва Берта фон Зуттнер каби тарихий шахслар орқали санъат, илм-фан ва жамият ривожи ифодаланади.
5 евро — ижро санъати: Мария Каллас. Кўча артистлари йўловчиларга куй чалиб бермоқда.
10 евро — мусиқа: Людвиг ван Бетховен. Болалар ва ўсирлар хори иштирокидаги қўшиқ фестивали тасвири.
20 евро — мактаб ва университетлар: Мария Кюри. Ўқитувчи аёл ва қўувчилар ёки парта устидаги китоб ва ноутбуклар тасвири.
50 евро — кутубхоналар: Мигел де Сервантес. Ёши катталар китоб ўқимоқда, болалар эса токчадаги китобларга қўл чўзиб тургани.
100 евро — музейлар ва кўргазмалар: Леонардо да Винчи. Барча ёшдаги одамлар кўчадаги ва замонавий санъат асарларини томоша қилиб тургани.
200 евро — жамоатчилик кенгликлари: Берта фон Зуттнер. Ёшлар ва қариялар сайр қилиб юрган истироҳат боғи.
Ҳар икки концепция еврони абстракт архитектурадан инсон, табиат ва тарихга яқинлаштиришни кўзлайди.
Нима учун айнан ҳозир?
Редизайннинг асосий сабаблари қаторида қалбакилашга қарши янги ҳимоя технологиялари, экологик тоза материаллар, кўришда нуқсони борлар учун тактил элементларни яхшилаш ва дизайнни фуқароларга яқинлаштириш мақсадлари бор.
2026 йил март ойида дизайнерлар ўз якуний эскизларини тақдим этади. Янги банкнотлар эса йил сўнгида қитъа аҳолиси билан муҳокамалардан сўнг қарор қабул қилинганидан кейин бир неча йил ичида муомалага киритилади. Эски евро купюралари эса амалда қолаверади ва босқичма-босқич муомаладан чиқарилади.





