add

Абу Даби музокаралари: томонлар илк алмашувга келишди

Kecha 07:582 daqiqa

Украина, Россия ва АҚШ ўртасидаги уч томонлама музокараларнинг иккинчи боқичида ҳарбий асирларни ўзаро озод қилиш бўйича келишувга эришилди.

Абу Даби музокаралари: томонлар илк алмашувга келишди

Абу-Дабида 4–5 феврал кунлари бўлиб ўтган Украина, Россия ва АҚШ ўртасидаги уч томонлама музокаралар конструктив руҳда ўтди. Бу ҳақда Украина делегацияси раҳбари, Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Рустам Умеров маълум қилди.

У музокаралар якунлари бўйича «Facebook» саҳифасида коммюнике эълон қилиб, учрашувнинг асосий мақсади Украинадаги урушни тугатиш бўйича саъй-ҳаракатларни олдинга суриш бўлганини таъкидлади.

«Муҳокамалар конструктив тус олди ва барқарор тинчликка эришиш учун шарт-шароитлар яратиш йўлларига қаратилди», — деб ёзди Умеров.

Бу 2026 йил бошидан буён ўтказилган иккинчи уч томонлама музокаралар ҳисобланади.

 

Илк келишув

Музокаралар натижасида томонлар ҳарбий асирларни ўзаро озод қилиш бўйича аниқ келишувга эришди. Унга кўра, Россия ва Украина томонидан 157 нафардан ҳарбий асир озод қилинди.

Рустам Умеров таъкидлашича, бу сўнгги беш ой ичида амалга оширилган илк асирлар алмашувидир. Бу келишув музокаралар жараёнида эришилган илк амалий натижа сифатида баҳоланмоқда.

Асирлар алмашуви масаласи ҳуманитар йўналишда ишончни тиклашга хизмат қилиши мумкинлиги қайд этилмоқда.

 

Кейинги босқич

Коммюникега кўра, икки кун давомида делегациялар ҳал этилмаган масалаларни ҳам муҳокама қилди. Жумладан, ўт очишни тўхтатиш механизмлари, эҳтимолий сулҳни жорий этиш ва уни назорат қилиш усуллари муҳокама қилинган.

Умеровнинг таъкидлашича, томонлар ўз пойтахтларини музокаралар натижалари ҳақида хабардор қилиш ва яқин ҳафталар ичида уч томонлама мулоқотни давом эттиришга келишиб олган.

Музокараларнинг кейинги босқичи урушни тўхтатиш бўйича аниқ механизмларни шакллантириш нуқтайи назаридан ҳал қилувчи аҳамият касб этиши мумкин.

Teglar

Mavzuga oid